Geobotanika va o`simliklar ekologiyasi laboratoriyasi


gen1

Лаборатория мудири,
б.ф.н.   Шомуродов Х. Ф.,
E-mail: h.shomurodov@mail.ru

Ўзбекистоннинг табиий ўсимлик қопламини, ем-хашак ўсимликларнинг биологияси ва экологияси, уларнинг мослашувчанлик хусусиятларини, республиканинг ўсимлик оламидан оқилона фойдаланиш йўлларини ўрганиш мақсадида, шунингдек инқирозга учраган адир ва чўл яйловларида фитомелиорация ишларини олиб бориш учун истиқболли турларни танлаш институтнинг устувор йўналишлардан бири сифатида қабул қилинган. Кўп йиллик тадқиқотлар натижасида лаборатория ходимлари томонидан Ўзбекистоннинг йирик масштабли ўсимликлар харитаси ва унинг изоҳи тузилган. Ўсимликларнинг морфо-биологик, эколого-физиологик хусусиятлари (турларнинг қурғоқчиликка ва жазирама иссиққа чидамлилигини кўрсатувчи комплекс белгилар) асосида ўсимликларнинг экологик таснифи ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда, лабораториянинг устувор йўналиши республиканинг арид минтақаларида тарқалган камёб ва эдефикатор турларнинг ценотик популяцияларини баҳолаш ва шунингдек, чўлланиш жараёнининг ўсимликлар қопламига таъсирини юмшатишнинг илмий асосларини ишлаб чиқишгага қаратилган.

Лабораторяда илмий тадқиқотлар қуйидаги фундаментал ва амалий йўналишларда олиб борилади:

  • чўл ўсимликлар қопламининг трансформация хусусиятларини аниқлаш, чўлланишнинг замонавий босқичида чўл яйловлари ҳолатига баҳо бериш;
  • инқироз омилларини аниқлаш, ўсимлик қоплами ва яйловларнинг пайҳонланиш даражаси ва кўламларининг баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш;
  • яйлов типлари ва яйлов хилларига тавсиф бериш;
  • чўлланиш жараёнини акс эттирувчи ўсимликлар қоплами ва яйловларнинг хариталарини тузиш;
  • яйлов ем-хашак ўсимликларининг рўйхатини тузиш ва ем-хашак флорани биоморф, биотоп ва ейилувчанлиги бўйича таҳлил қилиш;
  • турли ўсимлик қопламидаги доминантларнинг эко-биологик ва физиологик кўрсаткичларини ҳосилдорликка боғлаб, инқирозга учраган майдонларни яхшилашда  илмий асосланган ҳолда ўрганиш;
  • доминант ва субдоминант турлар озуқавийлик қийматининг биокимёвий кўрсаткичларини аниқлаш;
  • камёб ва йўқолиб бораётган ўсимлик турларининг ва эдефикаторлар ценопопуляцияларини ўрганиш ҳамда уларни тиклаш йўлларини ишлаб чиқиш.

Б.ф.д., проф.,  ет.и.х. Рахимова Т.                
e-mail:  tashkhanim@mail.ru

Б.ф.н., кат.и.х. Рахимова Н.К..                      
е-mail:  rakhimovanodi@mail.ru

Б.ф.н., кат.и.х.  Сарибаева Ш.У.                   
e-mail:  saribaeva@bk.ru

Б.ф.н., кат.и.х. Адилов Б.А.                           
е-mail: bekhzod_a@mail.ru

Кич.и.х. Есов Р.А.                                          
е-mail: esov_r@mail.ru

Кич.и.х. Халилов А.М.                                 
е-mail: akhalilov@bk.ru

Кич.и.х. Абдураимов О.С.                            
е-mail: ozodbek88@bk.ru

Ўзбекистоннинг арид минтақаларида тарқалган яйлов ўсимлик қопламининг замонавий ҳолатини ўрганиш, чўл яйловларини хариталаш ва уларнинг ҳосилдорлигини аниқлаш, чўлланишнинг замонавий даражасида камёб турларнинг ценопопуляцияси ҳолатига баҳо бериш. Илмий тадқиқотлар қуйидаги блокларда олиб борилади:

  1. Ўзбекистоннинг арид минтақаларида яйлов ўсимлик қопламининг замонавий ҳолатини хариталаш орқали ўрганиш. Яйлов сиғими ва инқироз даражасини, яйлов ҳосилдорлигини мавсум давомида аниқлаш. Яйлов хилларининг флористик таркибини аниқлаш ва уларни биоморф, биотоп ва ейилувчанлиги бўйича таҳлил қилиш. Юқорида қайд этилган тадқиқотлар асосида республиканинг маъмурий ёки географик ҳудудларида яйловлардан оқилона фойдаланиш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқилмоқда.
  2. Инқирозга учраган массивларнинг фитомелиорацияси учун истиқболлли турларни танлаш мақсадида ем-хашак ўсимликларнинг био-экологик хусусиятларини ўрганиш. Шўрланган ерларнинг яйлов ҳосилдорлигини ошириш учун тавсияномалар ишлаб чиқишда турларнинг галоаккумуляцияси ва галотолерантлигини ўрганиш. Тадқиқотлар натижасида шўрга чидамли турларнинг экологик қатори ишлаб чиқилмоқда, Ўзбекистон чўли бархан қумларини мустаҳкамлаш учун истиқболлли турларни танлаб олиш ишлари амалга оширилмоқда.
  3. Ўзбекистон табиий флорасининг камёб ва йўқолиб бораётган ўсимлик турлари бўйича олиб борилаётган популяцион-онтогенетик тадқиқотлар. Ушбу тадқиқотлар камёб ўсимлик турлари морфологик ва онтогенетик белгиларининг турли эколого-ценотик шароитларда хилма-хиллигини ва улар ценопопуляциясининг ўта оғир (критик) ёки оптимал ҳолатдалигини кўрсатувчи мезонларни аниқлашга, ценопопуляцияларнинг ўз-ўзини ушлаб туриш механизмлари кўрсатиб беришга қартилган. Шунингдек, олиб борилаётган тадқиқотлар ўрганилаётган ҳар бир тур ценопопуляцияларининг виталитет ҳолатини акс эттирган электрон картосхемасини тузишга йўналтирилган. Олинган натижалар асосида республиканинг алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлари чегараларини кенгайтириш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқилмоқда.

Мавжуд геоботаник ёзилмалар электрон базасини тузиш ва Ўзбекистон ўсимликларининг экологик шкаласини ишлаб чиқиш.

Лаборатория ходимлари бир қатор хориж давлатлардаги етакчи илмий ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик қиладилар. Жумладан, охирги йиллари Америка Қўшма штатларининг “Cropping Systems Research Laboratory” (Техас) ходимлари билан  ҳамкорликда “Кўчар қумларнинг мустаҳкамлаш технологиялари” мавзусидаги лойиҳани якунлашди (2005-2008 йй.). Шу йиллари лаборатория ходимлари яна бир халқаро лойиҳада (Нефт ва нефт маҳсулотлари таъсирида инқирозга учраган тупроқлар биоремедиацияси) украиналик олимлар (STCU project # 3494) билан ҳамкорликда фаол қатнашганлар. 2006 йилдан лаборатория жамоаси Хитой Халқ Республикаси Фанлар академиясининг Экология ва география институти ходимлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишган. Ушбу институт олимлари билан ҳамкорликда Calligonum L. туркум турлари меваларининг морфологияси бўйича лойиҳа бажарилган.  Polygonaceae оиласи айрим вакилларининг тарқалиши ва таксономияси бўйича  Wake Forest University (АҚШ) ходимлари билан илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Охирги йилларда лаборатория олимлари Россия ФА Сибир бўлими Марказий Сибир Ботаника боғининг «Геосистемных исследований» и Интродукции лекарственных и пряно-ароматических растений» лабораториялари ходимлари билан узвий алоқадалар.  Ушбу лаборатория олимлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон ўсимликларининг экологик шкаласи ишлаб чиқилмоқда ҳамда алоҳида гуруҳ ўсимлик гуруҳлари ценотик популяцияларининг ҳолати баҳоланмоқда. Лаборатория ходимларининг турли хил хорижий ташкилотлар лойиҳаларида, жумладан, UNDP, ICBA, ICARDA да фаол қатнашиши алоҳида аҳамиятга эга. Лойиҳалардан олинган натижалар нуфузли чет эл журналларида чоп этилган. Юқоридаги ташкилотлардан ташқари, лаборатория ходимлари  Volcani Center (Израил), Хитой Халқ Республикасининг Чорвачилик институти (Урумчи), Москва давлат университети билан илмий алоқадалар.

gen2

Қуйида қисқача лабораториянинг асосий илмий ютуқлари берилган:

  • Географик принципларга асосланиб чўл, адир, тоғ ва яйлов минтақалрига тавсиф берилган Ўрта Осиё ўсимликлар қопламининг янги классификацияси таклиф этилган (Зокиров, Зокиров, 1978).
  • Наманган вилоятининг Янгиқўрғон ва Чуст-Поп районлари яйловлари ва ўсимлик қоплами акс эттирилган йирик масштабли харита (1970-1982 йй.); Орол денгизининг Балиқчи кўрфази қуриган саҳни учун ўсимлик қоплами харитаси (1997-1999 йй.); қатор Қизилқум чорвачилик хўжаликларида инвентаризацион яйлов-геоботаник хариталар (1990-2003 йй); Каттақум ўсимлик қоплами харитаси (2000-2002 йй.); Айдаркўл ўсимликлар қоплами харитаси (2003-2005 йй.); Орол денгизи қуриган саҳни ўсимликлар қоплами харитаси (2005-2008 йй.); Кокча ўсимликлар қоплами харитаси (2007-2011 йй.); Кокча массиви яйлов харитаси (2012-2014 йй.) тузилган.
  • Фарғона водийси, Тошкент, Жиззах вилоятларининг инқирозга учраган адир минтақалари, шунингдек, Жануби-Ғарбий Қизилқум чўл минтақаларида ( умумий майдони 250 минг гектардан зиёд) узоқ йилларга мўлжалланган юқори ҳосилли сунъий яйловлар барпо этиш усуллари ва методлари ишлаб чиқилган (Саидов, Хасанов ва б., 1973, 1975, 1980; Саидов, Момотов, Алимжанов, 1973; Верник, Зокиров ва б., 1985; Хасанов, Рахимова ва б., 1991, Темирбаев, Азимов, 1995).
  • Ўрта Осиёнинг галофил ўсимлик қоплами классификацияси ишлаб чиқилган (Акжигитова, 1982).
  • Ўсимликларнинг комплекс белгиларига қараб, уларнинг экологик классификацияси тузилган (Рахимова, 1988).
  • Ўзбекистоннинг чўл ва ярим чўл минтақалари яйлов ва ўсимликлар қоплами ҳолатини акс эттирган хариталар тегишли ташкилотларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари геодезия, картография ва давлат кадастри Давлат қўмитасига қарашли Геоинформкадастр давлат унитар корхонасига топширилган.

Лабораториянинг кўп сонли регионал геоботаник материаллари 16 монография, тематик тўпламлар ва илмий мақолаларда умумлашган. Шу билан бирга, 4 жилдли «Растительный покров Узбекистана и пути его рационального использования» (1970-1980 йй.) монографияси ҳозирги кунгача алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистонда геоботаник тадқиқотлар учун эталон ҳисобланади. Лаборатория республиканинг олий ўқув юртлари, жумладан, М.Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат аграр университети билан узвий алоқада.

  1. Верник Р.С., Рахимова Т. Естественная растительность и пастбищ адыров Наманганской области. – Ташкент: Фан, 1982. – 89 с.
  2. Khasanov O.Kh., Rakhimova T., Tadzhiev S.F. Biological characteristics of newly cultivated fodder plants for pastures of the arid zone in Uzbekistan // Genetic Resources and Crop Evolution, 1994. – P. 125-131.
  3. Хасанов O.X., Рахимова Т., Шомуродов Х.Ф. Влияние антропогенных факторов на пастбищную растительность Узбекистана // Проблемы освоения пустынь. – Ашхабад, 2006. – 2. – С. 32-33.
  4. Rakhimova T., Rakhimova N., Toderich K., Shomurodov H. Ecological and biological Features of some Artemisia species from subgenus Seriphidium (Bess.) Rouy. and prospects of their use in Uzbekistan // Journal of Arid Land Studies, 2006. – № 15 (4). – Р. 207-210.
  5. F.O.Khassanov, H. Shomurodov, K. Tojibaev. A new Allium L. species from middle Asia. Linzer boil. Beitr. 39/2, 2007. pp. 799-802.
  6. Рахимова Т. Ўсимликлар экологияси ва фитоценология фанларидан методик қўлланма. – Тошкент: Ўзбекистон Миллий университети, 2009. –71 б.
  7. Khassanov F.O., Saribaeva Sh.U. Esankulov A.S. A new Astragalus species from Uzbekistan // Stapfia. Germany, Stutgard, 2010. – N 92. – P. 25-26.
  8. Zair S. Shakirov, Sardor A. Khakimov, Habibullo F. Shomurodov, Bakhtiyar R. Umarov. Nodulation in Onobrychis Perennial Legume Plants // American Journal of Plant Sciences, 2010, №1, Р. 119-130.
  9. Рахимова Т.Т., Рахимова А.Т., Хикматов Ш.Х. Экология. – Ташкент, 2011. – 170 c.
  10. Xudoyberganov X.M., Raximova T.T., Raximova A.T., Safarov A.K., Matkarimova A.A., Azizov X.Ya. Yuksak o’simliklar bo’yicha amaliy mashg’ulotlar. –Toshkent: Yangi nashr, 2011. – 103 b.
  11. Шомуродов Х.Ф. Вредные и ядовитые растения пустыни Кызылкум // Проблемы освоения пустынь. – Ашхабад, 2011. – № 1. – С. 23-27.
  12. Хасанов Ф.О., Шомуродов Х.Ф.,  Кадыров Г.У. Краткий очерк и анализ эндемизма флоры пустыни Кызылкум // Ботанический журнал – Санкт-Петербург,  2011, т. 96, №2 С. 237-246.
  13. F.O.Khassanov, H. Shomurodov, Kadyrov G. Taxonomic revision of Allium L. sect. Allium s. l. in Central Asia. Staрfia № 95. 2011. pp. 171-174.
  14. Zair S. Shakirov, Sardor A. Khakimov, Habibullo F. Shomurodov. Effect of salinity and drought on symbiotical and biochemical properties of Onobrychis and alfalfa. American Journal of Agricultural Sciences. Vol.3, No.3,  2012. P. 201-211.
  15. Shomurodov H.F., Rakhimova T.T., Saribaeva Sh.U., Rakhimova N.K., Esov R.A., Adilov B.A. Perspective Plant Species for Stabilization of Sand Dunes on the Exposed Aral Seabed // Journal of Earth Sciences and Engineering. – California: David Publishing, 2013. – № 3. – P. 655-662.
  16. Shi Wei, Bo Rong, Habibullo Shomurodov. Correlation of soil properties and size of Calligonum mongolicum and related species // Journal of Arid Land. 2013. Vol. 4 (1). – P. 63-70.
  17. Shomurodov H., Saribaeva Sh. Effect of gaz extraction on the state of Euphorbia sclerocyathium Korov. Et M.Pop. population // Journal of Arid land studies. – Japan, 2014. Vol. 24 (1). – P. 265-268.
  18. Шомуродов Х.Ф., Хасанов Ф.О. Кормовые растения пустыни Кызылкум // Аридные экосистемы. – Москва, 2014. Т. 20. – №3 (60). – С. 94-101.
  19. Baidya Roy Somnath, Smith M., Morris L., Orlovsky N., Khalilov A. Impact of the desiccation of the Aral Sea on summertime surface air temperatures // Journal of Arid Environments. – Austria, 2014. V.110. – P. 79-85.
  20. Адилов Б.А., Халилов А.М., Рахимова Н.К. Биохимические показатели питательной ценности некоторых кормовых растений Центрального Кызылкума // Узбекский биологический журнал. – Ташкент: Фан, 2014. Специальный выпуск: Ботаника. – С. 9-12.
  21. Сагдиев М.Т., Алимова Р.А., Адилов Б.А., Абдуазимова Ж.И. Физиология растений. Методические материалы и задания для проведения лабораторного практикума. – Ташкент: Ташкентский государственный аграрный университет, 2015. – 75 с.

Геоботаника ва ўсимликлар экологияси лабораторияси  2000 йилда экология, геоботаника лабораторияси, Қизилқум чўл станцияси ва Нурота яримчўл станциясининг қўшилишидан ташкил топган.

         Геоботаника лабораторияси 1950 йилда  В.П. Дробов раҳбарлигида ташкил топган. Кейинроқ лабораторияни А.Я. Бутков, Г.Х. Хамидов, Н.И. Акжигитова, Ф.О. Хасановлар бошқарган. Лабораториянинг асосий йўналиши – Ўзбекистоннинг табиий ўсимлик қопламини тадқиқ этиш ва ундан оқилона фойдаланиш йўлларини ўрганишдан иборат бўлган. Кўп йиллик тадқиқотлар асосида лаборатория ходимлари томонидан республиканинг картографик материаллари умумлаштирилган ва Ўзбекистоннинг йирик масштабли ўсимликлар қоплами харитаси ҳамда унинг кўп босқичли изоҳи тузилган. 1971-1984 йилларда регионал геоботаник материалларни бирлаштириш натижасида 4 жилдли «Растительный покров Узбекистана и пути его рационального использования» монографияси чоп этилган.

Ўсимликлар экологияси лабораторияси 1953 йилда академик Е.П. Коровин ташаббуси билан ташкил топган. Лаборатория мудирлигига проф. В.А. Бурыгин тайинланган.  В.А. Бурыгин раҳбарлигида фитомелиорациянинг илмий асослари ишлаб чиқилган ва Ўзбекистоннинг тоғ этаклари ва адирлари шароитида ем-хашак бута ва яримбуталарнинг етиштириш йўллари ва методлари режалаштирилган. 1958 йилда лабораторияга проф. Ю.С. Григорьев келиши билан, унга “Ўсимликлар эволюцион экологияси” номи берилган. Унинг раҳбарлигида   айрим ем-хашак ўсимликларнинг қиёсий экологик ўрганиш ишлари олиб борилди. 1967 йилда лабораторияга олдинги – ўсимликлар экологияси номи қайтарилган ва унга проф. О.Х. Хасанов мудирлик қилган. Лабораториянинг асосий вазифаси –Фарғона водийси ва Тошкент адирларининг инқирозга учраган майдонларида кўп йилларга мўлжалланган, юқори ҳосилли сунъий яйловлар ташкил этишнинг фитомелиоратив усуллари методларини ишлаб чиқишдан иборат бўлган. Тадқиқот натижалари бир қатор монографияларда ( «Биология и экология растений, вводимых в культуру в адырной зоне» (1973 й.), «Эколого-биологические основы создания исскуственных пастбищ и сенокосов на адырах Ферганской долины» (1977 й.), «Адаптация кормовых растений к условиям аридной зоны Узбекистана» (1983 й.)) акс этган.  

1959 йилда акад. А.М. Музаффаров ташаббуси билан Қизилқум чўл станцияси ташкил этилган ва унга қ/х фанлари номзоди Л.Е. Паузнер раҳбар этиб тайинланган. 1961 йилдан 1964 йилгача лабораторияга б.ф.н. А.Д. Ли, 1964 йилдан 1986 йилгача  И.Ф. Момотов раҳбарлик қилган. Лабораториянинг вазифаси – Жануби-Ғарбий Қизилқумнинг ҳар хил тупроқ типларида юқори ҳосилли сунъий яйловлар ташкил этишдан иборат бўлган. Асосий тадқиқот натижалари «Теоретические основы и методы фитомелиорации пастбищ Юго-Западного Кызылкума» (1973 й.) ва «Искусственные экосистемы пастбищного назначения в Юго-Западном Кызылкуме» (1978 й.) каби монографияларда ўз аксини топган. Чўл яйловларида фитомелиорациянинг илмий асосларини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга тадбиқ этиш бўйича ЎзР ФА академиги Ж.К. Саидов ва проф. И.Ф. Момотовлар 1981 йилда Давлат мукофотига сазовор бўлганлар.

1960 йилда Нурота яримчўл станцияси ташкил топган ва унга 1974 йилгача қ/х фанлари номзоди С.Г. Головченко раҳбарлик қилган. Станция қурғоқчиликка чидамли ем-хашак ўсимликларни танлаш ва изеннинг истиқболли формаларини Ўзбекистоннинг  ярим чўл  минтақасида кўпайтириш йўллари билан шуғулланган.  1974 йилдан 1986 йилгача лабораторияга б.ф.н. Н.Т. Темирбаев мудирлик қилади ва  лаборатория йўналиши анча кенгайтирилади. Лаборатория ходимлари С.Г. Головченко ва А. Расуловлар изеннинг истиқболли формаларини ишлаб чиқаришга тадбиқ этганлари учун 1971 йилда Беруний номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлганлар.

1986 йилда фитомелиоратив ишларнинг кучайтириш мақсадида 3 лаборатория “Табиий яйловлар фитомелиорацияси” лабораториясига бирлаштирилади ва унга 1993 йилгача проф. О.Х. Хасанов раҳбарлик қилади. 1994 йилдан 2012 йилгача лабораторияни проф. Т. Рахимова бошқарган. 2000 йилдан лаборатория “Геоботаника ва ўсимликлар экологияси” номи билан аталади. Ушбу даврдан бошлаб проф. Т. Рахимова раҳбарлигида Жануби-Шарқий ва Жануби-Ғарбий Қизилқум ҳамда Орол денгизининг қуриган саҳни ўсимлик қопламининг ҳозирги ҳолати ўрганилган. Тадқиқот олиб борилган районларнинг йирик масштабли ўсимликлар қоплами ва яйловлари хариталари тузилган. 2012 йилдан бошлаб лабораторияни б.ф.н. Ҳ.Ф.Шомуродов бошқариб келмоқда. Бугунги кунда лаборатория Ўзбекистоннинг арид минтақаларида тарқалган камёб ва йўқолиб кетиш арафасида турган турлар ҳамда хўжалик аҳамиятига эга бошқа гуруҳ ўсимликлар ценотик популяцияларининг замонавий ҳолатини баҳолаш, шунингдек Ўзбекистон флорасининг экологик шкаласини ишлаб чиқиш мақсадида геоботаник ёзилмаларнинг ягона маълумотлар базасини яратиш устида тадқиқотлар олиб бормоқда.

Лабораторияда 8 фан доктори ва 41 биология фанлари номзодлари тайёрланган.

gen111

Лаборатория жамоаси